Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийларига байрам табриги

Қадрли уруш ва меҳнат фахрийлари!

Бугун бизга юртимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрамларидан бири, шарқона қадриятларимиз, урф-одатларимизнинг тимсоли бўлган 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаяпмиз.   

Шу фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва  Сизлар орқали вилоятимиздаги барча уруш ва меҳнат фахрийларини, вилоятимиз аҳлини “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” байрами билан вилоят фаоллари номидан  самимий табриклайман.

 Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Ана шу кунларда халқимиз уруш даврида бошидан кечирган оғир синовларни яна ва яна бир бор хаёлимиздан ўтказар эканмиз, ўтмиш воқеалар, албатта, барчамизни ўйлантиради ва керакли хулосалар чиқаришга даъват этади” деган сўзлари барчамизни Сиз уруш ва меҳнат фахрийларининг жасоратингиз, чеккан заҳматли меҳнатларингиз олдида таъзим қилишга, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналар қилишга, мустақилликдек азиз неъматнинг қадрига етишга, уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашга чорлайди, албатта.

Инсон шаъни юксалган ва меҳнати қадр топган юртимизда кексаларимизни эъзозлаш, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш асрлар оша давом этиб келаётган ҳамда қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас қадриятдир.

 Хотира ва қадрлаш куни ҳам том маънода халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлаш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишдек инсоний фазилатларни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Қутлуғ байрам арафасида кенг жамоатчилик вакиллари томонидан вилоятимиздаги 81 нафар ик­кин­чи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида жасорат кўрсатган пиру бадавлат кексалар ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўратилди. Аслида ҳам бугунги дориломон кунларимиз учун курашган нуронийларимиз ҳар қанча эъзозга, ҳар қанча эҳтиромга лойиқдирлар.

Зеро, Иккинчи жаҳон урушида мардларча қаҳрамонлик кўрсатган фахрийларимизнинг юртимиз тинчлиги учун чеккан заҳмати, ҳаёт қийинчиликларини сабот билан енгиши биз учун ҳақиқий жасорат ва фидойилик тимсолидир.

Бугун Хотира майдонларида Иккинчи жаҳон урушида мардларча қаҳрамонлик кўрсатиб ҳалок бўлган ватандошларимизнинг номлари абадий зархал ҳарфлар билан битилган бўлиб, шу кунларда халқимизнинг, хусусан ёшларимизнинг қутлуғ қадамжоларига айлангани, “Мотамсаро она ҳайкали” пойи гулларга буркангани ушбу байрамнинг шукуҳи нақадар юксак эканлигини кўрсатади.

Байрам арафасида вилоятимизнинг энг олис ҳудуди Учқудуқ туманидаги Хотира майдонида Мотамсаро она ҳайкалининг ўрнатилиши ҳам бу борадаги эзгу ишларимизнинг узвий давомидир.

Қадрли дўстлар!

Яна бир бор вилоятимиз аҳлини, уруш ва меҳнат фахрийларини 9 май - Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозо­нил­ган Ғалабанинг 71 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлган жонажон Ўзбекистонимизда Сизлардек фидоий, меҳнаткаш ҳамда дуогўй нуронийларимиз бор экан, албатта, мустақиллигимиз абадий, ҳаётимиз фаровон, тараққиётимиз бар­давом бўлаверади.

Барчангизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, хонадонларингизга файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаро­вонлик тилайман.