Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг вилоятимиз аҳолисига байрам табриги

Қадрли дўстлар!

Она табиатимиз уйғониб, бепоён дашту далала­римиз яшил либосларга бурканаётган, кўклам нафа­си уфуриб, кўнгилларимизни беғубор ҳис-туйғу­лар, орзу-ҳаваслар, улкан ютуқ ва марралар сари шижоатга тўлдираётган ушбу  қутлуғ кунларда, бар­ча­миз тинч ва осойишта юртимизнинг яна бир қади­мий шодиёнаси — Наврўз умумхалқ байра­ми­ни кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик, келажа­гимиз­га бўлган юксак ишонч билан кутиб олмоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг барча аҳлини янгиланиш ва яшариш айёми, меҳр-оқибат ва эзгулик, яратувчанлик ва гўзаллик рамзи, миллий қадриятларимиз тимсоли, шарқона янги йилимиз  бўлган Наврўзи олам билан чин қалбимдан сами­мий табриклайман.

Энг муҳими, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган шундай қадриятларимиз борлигидан ғурур­ланиб, барчамизни шундай мунаввар кунларга, Наврўз айёмига, тинч-осуда ҳаётга, яхши кунлар ро­ҳатини кўришга етказгани учун мустақилли­ги­мизга ҳар қанча шукроналар айтсак, арзийди албатта.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, бу йилги Наврўз байрамининг ташрифи муборак жума кунига тўғри келиши, жорий йилда байрамни муносиб нишонлашга оид давлатимиз раҳбари томонидан махсус қарор қабул қилиниши, "Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!" эзгу шиори остида кенг нишонланаётгани, кўкламнинг баракали келаёт­ганлиги қалбимизга олам-олам қувонч бағишлайди.

Зеро, муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғание­вич Каримовнинг "Наврўзи олам том маънода ўзининг руҳи ва ғоялари билан инсоннинг доимо она ер ва табиат билан ҳамнафас бўлиб яшаши, ҳар қайси одамнинг қалбида, унинг дини ва милла­тидан қатъи назар, яшамоқ ва яратмоқ интилишла­рини уйғотиш, аҳиллик ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилиб келмоқда", деган сўзлари бу қадрият ҳар бир миллат учун ардоқли эканлигини англатади.

Қолаверса, Наврўз байрами нафақат ўзбек халқи­нинг, балки барча миллат ва элатларнинг ҳам се­вим­ли байрамига, халқлар дўстлиги ва биродар­лигини мустаҳкамловчи воситага айланди. Зеро, эзгулик рамзи бўлган бу байрам шунчаки оммавий тадбир эмас, балки турли миллатларга маънавий қувват берувчи, уларни бир-бирига жипслашти­рувчи, улар қалбида муқаддас Ватан туйғусини мустаҳкамловчи бебаҳо қадриятдир.

Албатта, обод масканларга ҳар қанча байрамлар, тўйлар ярашади. Шу нуқтаи назардан вилоятимиз­да ҳам Наврўз айёмини қизғин ва муносиб кутиб олиш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, ҳар бир туман ва шаҳарлар­да, қишлоқ, овул, маҳалла ва гузарларда, кўча ва хиёбонларда олиб борилган оммавий ҳашарлар, гул-кўчат ўтқазиш, улкан бунёдкорлик ва ободонлаш­тириш ишлари натижасида барча аҳоли манзилла­ри обод масканларга айланди.

Қадрли дўстлар!

Шундай ёруғ ва мунаввар кунларда  вилоятимиз­нинг барча аҳлини яна бир бор Наврўз байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Доимо юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду хуррамлик аримасин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!