Вилоят ҳокими Э.О.Турдимовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табриги

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Шу кунларда барчамиз мустақил Ватанимизда адолатли жамият барпо этиш, мамлакатимиз барқарор тараққиётини таъминлаш, инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари, тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати, ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллигини кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар, энг асосийси, келажакка бўлган юксак ишонч ҳамда чуқур шукроналик ҳисси билан қарши олмоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни ва Сизлар орқали бутун вилоятимиз аҳлини муқаддас айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Шуни юксак ишонч билан айтиш мумкинки,  бугун бутун вилоятимиз аҳлининг, жумладан, ушбу анжуманда йиғилган барча барчанинг қалби Конституциямизга бўлган чексиз ҳурмат ва ифтихор туйғулари билан тўлиб, тўлқинланиб турибди.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккури-нинг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир”, деган сўзлари конституциямиз нақадар муқаддас эканлигини чуқур идрок этиб, ҳаётга тадбиқ этишда янада фаол ва фидоий бўлишимизга чорлайди.

Дарҳақиқат, халқимиз мустақиллигимизнинг дастлабки даврида бевосита Муҳтарам Юртбошимиз иштироки ва раҳбарлигида ишлаб чиқилган Конституциямиз аҳамиятини яна бир маротаба теран тушуниб, унинг мағзи-мағзига кириб борди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Зеро, истиқлол йилларида халқимиз шу муҳим ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётни модернизация қилиш, ўз ҳаётини, фарзандлари келажаги, Ватан тараққиётини таъминлашдек эзгу мақсадларини амалга ошириб келмоқда.

Бугун фуқароларимиз, айниқса, ёшларимиз мамлакатимизда нафақат аҳоли турмуш тарзини, балки дунёқарашини, тафаккурини, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини тубдан ўзгартирган ҳамда Мустақиллигимиз ҳуқуқий асосларининг бош рамзларидан бири бўлган мазкур ҳужжатга юксак ишонч ва ҳурмат билан муносабатда бўлаётгани кишига  қувонч бағишлайди, албатта.

Шунингдек, Конституциямиз негизига қўйилган талаб ва қоидаларга тўлиқ мос келадиган, дунё ҳамжамиятида “ўзбек модели” деб ном қозонган, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.

Албатта, улкан ютуқ ва муваффақиятлар ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ, балки Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг мураккаб, машаққатли ва фидокорона меҳнати натижаси ҳамда Конституциямиз нормаларининг ҳаётбахш самарасидир.  

 Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётида жуда катта тарихий воқеълик бўлган сайловлар арафасида турибмиз. Ушбу нуфузли жараёнга мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, вилоятимизда ҳам пухта тайёргарлик кўрилаётганлиги, жумладан, бу борада вилоятимизда 5 та Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 50 та халқ депутатлари вилоят Кенгашига, 285 та халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи 340 та округ ва 333 та участкалари ушбу сиёсий жараёнга тайёр эканлиги, энг муҳими, ўзимизнинг конституциявий ҳуқуқимиздан фойдаланиб, муносиб халқ вакилларини сайлаш муҳимлиги барчамизни янада фаоллик ва ташаббускорликка чорлайди.

Зеро, Мухтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир”.

Бугун мамлакатимизда янги сиёсий ва ҳуқуқий тизим шаклланган бир пайтда, одамларимизнинг дунёқараши ва ҳуқуқий онги тамоман ўзгариб,  мустақиллигимизнинг қадри ва моҳиятини чуқур англаган ҳолда, ҳар бир юртдошимизнинг фаровон келажак яратиш йўлидан собитқадамлик билан бораётганлиги, бунга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишни чинакам ватанпарлик бурчи деб билиб, астойдил ҳаракат қилаётганлиги қалбимизга олам-олам қувонч бағишлайди, албатта.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, бугун навқирон вилоятимизда ҳам юрт равнақи йўлида кенг кўламли яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигини мамнуният билан эътироф этиш лозим.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда биргина инвестиция дастури доирасида 24 млрд. сўм маблағ эвазига 34 та турли ишлаб чиқариш объектларининг барпо этилганлигини, Бош Қомусимизнинг қутлуғ шодиёнаси арафасида Кармана ва Хатирчи туман тиббиёт бирлашмалари поликлиникалари, Нурота тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими,  Навбаҳор туманида руҳий касалликлар шифохонасининг, шунингдек яна ўнлаб ижтимоий-иқтисодий объектларнинг фойдаланишга топширилиши аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.   

Амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар кўлами 2014 – “Соғлом бола йили”да янада ортган ҳолда, белгиланган давлат дастури доирасида халқимиз турмуш даражасини юксалтириш учун бугунги кунга қадар режадаги 249,3 млрд. сўм маблағ ўрнига жами 254,6 млрд. сўм ҳамда  2,2 млн. Евро ва  қарийб 100 минг АҚШ доллари ҳажмидаги маблағлар сарфланиб, белгиланган прогноз режанинг 107 фоизга бажарилганлиги вилоятимиз учун нақадар аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Шу билан бир қаторда, келгуси 2015 йилда Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори асосида биргина вилоятимизда қарийб 1,5 трлн.сўмлик инвестициялар ўзлаштирилишининг режалаштирилганлиги мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби, вилоятимизда ҳам улкан бунёдкорлик, модернизациялаш ишларининг йилдан йилга барқарор ўсиб, қамровининг янада кенгайиб бораётганлигини кўрсатади.

Хусусан, 2015 йилда вилоятимизда аҳоли пунктларига 15 млрд. сўм маблағ  эвазига  190 км. тоза ичимлик суви тармоқларининг тортилиши, 43 млрд. сўмга 22 та таълим муассасаларининг, 20 млрд. сўмдан ортиқ маблағга 7 та турли  йўналишга ихтисослашган соғлиқни сақлаш муассасаларининг янгидан қурилиши ва реконструкция қилинишининг режалаштирил-ганлиги юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир.

Бундан ташқари, саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиб, келгусида Навоий иссиқлик электр станциясида  лойиҳа қиймати 547,3 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 450 МВт/соат қувватли 2-буғ-газ қурилмасини ўрнатиш, “Навоийазот” ОАЖда лойиҳа қиймати 1,6 млрд. АҚШдолларидан ортиқ бўлган 3 та йирик  ишлаб чиқариш объектлари, Навоий кон металлургия комбинатида лойиҳа қиймати 453 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган соҳага оид турли ишлаб чиқариш йўналишларида замонавий қурилиш ва реконструкция ишларининг бошланиши кўзда тутилганлиги, шу билан бир қаторда лойиҳа қиймати 600 млн.АҚШ долларидан ортиқ бўлган Томди тумани ҳудудидаги Сангрунтау хом ашё конида йилига 8 млн.тонна нефт маҳсулотидаги ёнувчан сланецларни қайта ишлаш ва 500 минг тонна сланецли мой ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича амалий ишларнинг бошланиши вилоятимизда минглаб янги янги иш ўринларининг барпо этилиши, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада ортиши, республикамизнинг барқарор тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ушбу кўзда тутилган ишларнинг барча  барчаси   ҳеч шубҳасизки, ўзининг мантиқий якунига етказилади, кўзланган мақсадга эришилади.

Албатта, қўлга киритилаётган ютуқларимиз, фидокорона меҳнатимиз ҳар доим Муҳтарам Президентимиз эътиборида бўлиб, жорий йилда самарали хизматлари учун Давлат мукофотлари билан тақдирланган 23 нафар вилоятимиз фидоий инсонларига Конституциямизнинг 22 йиллик байрами арафасида тантанали топширилгани қалбимизни ғурурга тўлдиради.

Таъкидлаш жоизки, эришган ютуқларимиз, бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, халқаро майдонда ортиб бораётган обрў-эътиборимиз негизида Конституциямизда белгилаб берилган қонуний ва ҳуқуқий асослар мужассамлиги айни ҳақиқатдир.

Азиз дўстлар!

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни ва Сизлар орқали бутун вилоятимиз аҳлини яна бир бор муқаддас айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, бахту-саодат, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Хонадонингиздан файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик ҳеч қачон аримасин.

Жаннатмакон юртимиз осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлсин.

Раҳмат!