Вилоят ҳокими Э.О.Турдимовнинг 1 октябрь — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан соҳа ходимларига Т А Б Р И Г И

Қадрли устозлар, меҳри дарё мураббий-ўқитувчилар!

           Аввало Сизларни, Сизлар орқали вилоятимизнинг барча ўқитувчи ва мураббийларини, ўзининг илму салоҳияти, куч-ғайратини, керак бўлса бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг шарафли ва энг машаққатли ишга бағишлаб келаётган муҳтрам устозларни бугунги улуғ байрам - “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

   Шу фурсатдан фойдаланиб, илк бор қўлимизга қалам тутқазган, барчамизга оқу қорани танитган, тафаккуримизга илму-маърифат са­боқларини улашган, ўзининг серма­шаққат меҳнати билан бор меҳри­ни, кўз нурини аямаган онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот — ўқитувчи ва мураббийларга чуқур таъзим қиламиз.

  Зеро, Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таъбирлари билан айтганда: “Бугун биз Ўқитувчи ва мураббийлар куни деб ном олган гўзал байрамимизни нишонлар эканмиз, ўзининг истеъдоди ва маҳоратини, кўз нури ва қалб қўрини бахш этиб, ёш авлодимизга билим, илму фан сирлари ва одамийлик сабоқларини ўргатадиган сиздек мўтабар зотларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди”, албатта.

        Чунки ҳаётда инсон ким бўлмасин, қайси соҳада меҳнат қиламасин шубҳасиз, унинг камолотида ўқитувчи ва мураббийларнинг беқиёс ҳиссаси бор. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўқитувчи-мураббийларга бўлган эътибор тубдан ўзгарди, таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотлар устувор аҳамият касб этди.

Таъкидлаш жоизки, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”нинг қабул қилиниши соҳага бўлган эътибор ва рағбатнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди.

Шуни мамнуният билан эътироф этиш лозимки, мустақил Ўзбекистонимизда келажак авлод вакилларини тарбиялаш ва камолга етказиш, устоз-мураббийлар меҳнатини юксак қадрлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим дастур ва қарорлар, қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари, кенг шарт-шароитлар бугун барчамизни, айниқса, устозларимизни янгидан-янги марраларга даъват этмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар сиёсати ва таълим-тарбиясига оид 30 дан ортиқ Қонунлар, муҳим қарор ва дастурлар қабул қилинган, 12 йиллик бепул мажбурий таълим тизими кенг жорий этилган.

Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий Давлат дастури доирасида вилоятимизда юзлаб замонавий мактаблар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари бунёд бўлгани, коллеж битирувчиларига имтиёзли кредитлар ажратилаётгани, энг муҳими, давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиқ маблағи таълимга йўналтирилаётгани, Ўзбекистон таълим мақсадлари учун ажратилган маблағлар бўйича дунёда рейтингида бешинчи ўринни эгаллаганлиги қалбимизга ҳамиша фахру ифтихор бағишлайди, албатта.

2014-2015 ўқув йили якунлари ҳақида фикр юритар эканмиз, аввало, ўтган ўқув йилида вилоятимиз таълим муассасалари томонидан бир қатор йўналишлар бўйича улкан ютуқларга эришилгани, ўқувчилар билим самарадорлигини ошириш ҳисобидан юқори натижалар қўлга киритилганлигини мамнуният билан тилга оламиз. Жорий йилда вилоятимиз таълим сифати кўрсаткичлари бўйича республика рейтингида фахрли 1-ўринга лойиқ топилиши соҳа фидойиларининг самарали меҳнатларининг маҳсулидир.

Шу ўринда, ўтган ўқув йилида “Билимлар беллашуви”нинг республика босқичида умумий ўрта таълим мактабларининг 19 нафар ўқувчиси фахрли ўринларни соҳиби бўлганлиги, “Инглиз тили билимдонлари”, “Ҳуқуқ билимдонлари” каби кўрик-танловларнинг республика босқичида муваффақиятли ютуқлар қўлга киритилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

 “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида муваффақиятли ўрин соҳиби бўлган Навоий шаҳридаги 11-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари Феруз Ҳакимов, Сардор Норпўлатов, 16-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Азиза Аҳмедова каби фидойи устозлар том маънода бизнинг фахримиздир.

 “Энг яхши мактаб веб-сайти” танловининг республика босқичида Навоий шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг веб-сайти фахрли 1-ўринга лойиқ топилгани, “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти” танловида эса 11-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Рустам Абдиевнинг фахрли 2-ўрин соҳиби бўлганлиги вилоятимизда янгиликка интилувчан, ахборот коммуникация технологияларини чуқур биладиган ва амалиётга тадбиқ этадиган педагоглар кўпчиликни ташкил этишининг ёрқин ифодаси бўлди.

Жорий йилда Навоий шаҳридаги 11-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг республикадаги ўн мингга яқин умумтаълим мактаблари орасида бешинчи бора рейтинг кўрсаткичлари бўйича 1-рақамли таълим муассасаси дея эътироф этилиши қалбимизни чексиз ифтихор туйғуси билан тўлдирди.

      Бугун мустақил юртимизда асрларга татигулик бун­ёдкорликлар, ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Ҳар йили Мустақиллик байрами олдидан бунёдкор халқимиз томонидан янгидан барпо этилган иншоотлар фойдаланишга топширилиши анъанага айланиб улгурди. Истиқлол шодиёналари арафасида Кармана туманининг “Дўстлик” маҳал­ла­сида энг сўнгги архитектура намуналари асосида 420 ўқувчи ўрнига мўлжал­ланган 30-умумий ўрта таълим мак­таби янги биносининг фойдаланишга топширилиши, Навоий шаҳридаги Кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси мактаб-интернатининг 240 нафар ўқув­чига мўлжалланган ўқув биносининг реконструк­ция қилиниши, 25-махсус мак­таб-интернатнинг 100 ўринли ётоқ­хонасининг қуриб фойдаланишга топширилиши баркамол авлод камолоти йўлидаги изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлди.

Бу каби эзгу саъйи-ҳаракатларни, изчил ислоҳотлар самарасини олий ва ўрта махсус таълим муассасалари мисолида ҳам давом эттиришимиз мумкин.

Шу ўринда, 2014-2015 ўқув йилида Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ходимлари томонидан 11 та услубий тавсия ишлаб чиқилиб, вилоят миқиёсида оммалаштирилгани, мазкур услубий тавсиялар меъёрий ҳужжат сифатида амалиётда кенг қўлланилаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

2015 йилдаКорея ҳукуматининг имтиёзли кредити ҳисобидан 13 та коллеж ва академик лицейлар тўлиқ ҳамда 3 та таълим муассасаси таъмирлангани, “Бюджетдан ташқари таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш” жамғармаси маблағлари эвазига эса 38 та таълим муассасаси 18 турдаги ўқув-лаборатория жиҳозлари ва ўқув техникалари билан таъминлангани соҳага қаратилаётган эътиборнинг ҳаётий тасдиғидир.

Муҳтарам Президентимизнинг “Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир” деган таърифи, албатта Сиз азиз ус­тозларимизнинг нақадар юксак шарафга лойиқ эканлигингизни англатади.

Куни кеча муҳтарам Президентимизнинг Фармонларига биноан Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимлари қаторида Навбаҳор саноат касб-ҳунар коллежининг махсус фан ўқитувчиси Ражаббой Ҳамроевнинг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвони билан тақдирлангани, қолаверса яна 4 нафар соҳа фидойиларининг турли даражадаги давлат мукофотларига муносиб топилгани қалбимизга олам-олам қувонч бағишлади.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ушбу юксак давлат мукофотлари билан самимий табриклайман.

Муҳтарам устозлар!

Дунёдаги энг шарафли ва машаққатли касб эгаси бўлган Сиз азизларни ва сизлар ор­қа­ли вилоятимизнинг барча таълим соҳаси фи­дойиларини   1 октябрь — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинч­лик-хотиржамлик, фаолиятингизда улкан му­ваффақиятлар тилайман.

Шарафли касбингиз ортидан ҳамиша шо­гирд­лар ва эл-юрт ардоғида бўлинг, қадрли ус­тозлар!

Байрамингиз муборак бўлсин!