Депутат минбари

(15.09.2016 йил ҳолатига)

ИШ ЎРИНЛАРИ ҚАЧОН ШАҲОДАТЛАНАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги "Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш ва экспертиза хулосасини олиш белгиланган.

Жорий йилда вилоят касаба уюш­­­малари бирлашмаси Кен­­га­ши ҳамда вилоят меҳ­нат бош бош­қармаси билан ке­лишил­ган, вилоят ҳоким­ли­ги томони­дан тасдиқланган режа-жад­вал­­га асосан 30 дан ортиқ кор­хона, ташкилот ва муас­сасалар иш ўринларини меҳнат ша­роит­­лари бўйича шаҳодатдан ўт­казиш муддати белгиланган.

Қизилтепа туманидаги 1-, 5-, 9-сонли КМШК "НСК" ОАЖ­­­­ларда 22 та, "Қизилтепа пах­та тозалаш" АЖда 22 та, "Нав­­баҳор пахта тозалаш" АЖ­­да 15 та, "Хатирчи пахта то­­за­лаш" АЖда 17 та, Кар­ма­на ту­ма­­нидаги "Шамс-На­воий" ху­су­сий корхонасида 8 та, "Қу­ри­лиш-таъмирлаш участ­каси" МЧЖда 8 та, На­воий шаҳ­ри­да­ги 8-сонли КМШК "НСК" ОАЖ­­да 8 та, жами жорий йил­нинг июнь-июль ойларида 84 та иш ўрни ша­ҳодатдан ўткази­л­ди. Тек­ширув натижалари шуни кўр­сатмоқдаки, бу­гунги кун­гача юқорида қайд этилган таш­килот раҳбарлари мингдан зиёд ходимнинг меҳнат ша­роит­­­лари бўйича имтиёзла­ри­ни йўққа чиқармоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Рес­пуб­­ликаси "Меҳнатни му­ҳо­фа­за қилиш тўғрисида"ги Қо­ну­ни­­нинг 13-моддаси талаби бў­йича корхоналарда соғлом ва хавфсиз меҳнат шароит­ларини таъминлаш, Ўзбе­кис­тон Рес­пуб­­ликасининг Меҳнат кодек­си 137-моддасига му­во­фиқ эса меҳнат шароити но­қулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таъ­тиллар, сут-қатиқ ва шунга тенг­­лаш­тирилган маҳсулотлар, парҳез таомлар, шунингдек, фу­­­қа­роларнинг айрим тоифа­лари имтиёзли шартларда пен­­­сия олиши шартлари, иш ўрин­­лари шаҳодатдан ўтказил­масдан келинаётгани нати­жа­сида ишчи-ходимлар қо­нун­чи­лик­да белгиланган им­тиёз­лар­дан фойдалана олма­яптилар.

Шунинг учун юқорида қайд этилган корхона ва ташки­лот­лар мутасаддилари иш ўрин­ла­рини шаҳодатлаш белги­лан­ган тартибда иш бе­рув­чига юк­ла­тилгани ва жавоб­гарлиги мав­жудлигини унут­мас­лиги керак.

Чори ҚОДИРОВ,

халқ депутатлари На­воий шаҳар Кенгаши депу­тати.

 

(15.09.2016 йил ҳолатига)

 

ТИББИЙ САВОДХОНЛИК ОШИРИЛАДИ

Навоий шаҳридаги "Истиқлол" маҳалласи сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашув "Соғлом келажак — қудратли миллат демакдир", дея номланди. Унда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар моҳияти, никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мавзуларида сўз юритилди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида тиббий саводхонликни оши­риш, санитария-гигиена қои­да­ларига риоя этиш, ҳомила­дор аёлларнинг оилада пар­ва­риши масалаларида ви­лоят аҳоли репродуктив са­ло­­матлик ва скрининг мар­кази мутахассисларининг маъ­рузалари тингланди, йиғилганлар билан очиқ мулоқот олиб борилди.

Тадбир сўнгида соғлом тур­муш тарзига риоя қилиш қои­далари бўйича тавсияли ма­те­риаллар тар­қатилди.

А. АЗИМОВ,

халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати.

 

 (15.09.2016 йил ҳолатига)

 

ИЗЧИЛ ИСЛОҲОТЛАР БАРДАВОМЛИГИ

Бирор яқинингиз билан кўришиб қолсангиз, у аввало, ўзингизнинг ва оилангиздагиларнинг саломатлиги билан қизиқиши, табиий. Хайрлашганда ҳам "саломат бўлинг" ибораси қўлланилади. Ёши улуғларимиз қўлларини дуога очар эканлар, халққа тинчлик ва соғлик тилайдилар. Дарҳақиқат, тансиҳатликда гап кўп.

Бугунги кунда аҳолининг тиб­бий маданиятини ошириш, ай­ниқса, она ва бола саломат­ли­гини мустаҳкамлаш давлати­миз сиёсатининг устувор ва­зифаларидан бирига айланди ва соҳада кенг кўламдаги ис­лоҳотларни амалга ошириш из­­чил давом этмоқда. Замо­на­вий қиёфа акс этган қишлоқ врач­лик пунктларининг барпо этилиб, мавжудларининг қайта реконструкция қилинаётгани, тиббиёт муассасаларининг за­монавий анжомлар билан тўлиқ таъминлангани, жорий йили­миз­нинг "Соғлом она ва бола йили", деб номланиши бу бо­рада қи­линаётган саъй-ҳара­кат­­лар­нинг амалий ифодаси бўлди.

Вилоятимизнинг энг олис ҳу­дудларидан бири бўлган Том­ди туманида ҳам соҳада юксак самарадорликка эришиш ҳам­да Давлат дастури ижросини таъ­­минлаш мақсадида қатор амалий ишлар қилинаётир. Жум­­ладан, туман тиббиёт бир­лашмаси бугунги кунда "Са­ломатлик — 1", "Саломатлик — 2", "Саломатлик — 3" лойи­ҳа­лари бўйича замонавий асбоб-ускуна, аппаратуралар билан жи­ҳозланди. 2007 йилда ДОТС дастури бўйича "Damas" авто­машинаси олинган эди. 2014 йил­да "Янги чорва" ҚВП ви­лоят ҳокимлиги томонидан шун­­­дай русумдаги тез тиббий ёрдам транспорти билан таъ­минланди. ҚВПларнинг ало­ҳи­да транспорт воситалари би­лан таъ­минланиши иш унум­дор­­ли­гининг ошишига ва бе­морларга ўз вақтида си­фат­ли тиббий ёр­дам кўрсатишга хиз­­мат қил­моқ­да.

2015 йил тиб­биёт бирлаш­ма­сига соғ­лиқ­ни сақ­­­­лаш бў­йича мод­дий-тех­ник ба­зани яратиш учун за­рур во­си­талар келти­рил­ди. Шу билан бир қа­тор­да, ходим­ларга иш фао­лия­тини қу­лай ша­роит­­ларда олиб бо­риш­лари учун барча хоналар ке­рак­ли жиҳозлар билан таъ­мин­ланди. Бир­лаш­манинг "Са­ло­мат­лик — 3" ло­йиҳаси асо­сида 11 тур­даги тиб­бий асбоб-ус­куна би­лан таъ­минланиши, шу­нингдек, монитор, ультра­то­вуш тек­ши­рув аппарати, ҳо­ми­ла­дор­­­лар учун вакуум аппа­ра­ти ва бошқа асбоб-ускуналар би­лан таъ­мин­лангани аҳолини вақ­­­тида махсус тиббий кўрик­лар­­дан ўтказиш, уларга тез тиб­­­­бий ёр­дам кўрсатиш ка­салликларни эрта аниқлаш им­конини берди. Натижада, жо­рий йилнинг даст­­­лабки икки ойида 16 ёш­гача бўлган бола­лар юз фоиз тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларда аниқланган касаллик­ларни амбулатор ёки стацио­нар шароитда даволаш учун имконият яратилди. Ҳомила­дор аёл­лар, ўсмир қизлар ҳам чу­қурлаштирилган тиббий кў­рик­лардан ўтказилди.

Буларнинг барчасидан кўз­лан­­ган мақсад, бўлажак она­лар­ни асраб-авайлаш, сало­мат­­­лиги учун ғамхўрлик қилиш билан соғлом авлодни тарбия­лашдир. Вилоятимиз шимоли — Қизилқум саҳроси марказ­дан 230 километр масофада жойлашган бўлишига қарамай, туманимизда аҳоли сало­мат­ли­гининг янада мустаҳкамла­ни­шига эришилаётгани бу со­ҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг бардавомлиги ва самарадорлигидан дало­латдир.

Зебо ТУЛЯКОВА,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

 

(15.09.2016 йил ҳолатига)

ФАОЛЛИКНИ ОШИРИШ ЛОЗИМ

Депутат — халқ вакили. Унга одамлар ишонч билдирган экан, демак, у сайловчилар олдида ҳисобдордир. Сайловчилар билан бўлиб ўтадиган учрашувлар эса одамлар ва депутат ўртасида муҳим восита бўлиб, юзма-юз мулоқотларда кўплаб масалалар муҳокама этилади, депутат ўз фаолияти ҳақида ахборот беради. Шу маънода, сайловчилар билан бўлиб ўтадиган учрашув депутат учун ҳам, сайловчи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, сайловчилар билан уч­ра­шувлар депутат билан халқни янада яқинлаштиради, мавжуд муаммо­лар­ни ўз вақтида ўрганиб, ҳал этишга асос бўлади. Шуни назарда тутган ҳол­­­да, Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутат­ла­р жойларда ўз сайлов­чи­лари би­лан мунтазам равишда учра­шув­лар ўтказмоқда.

Ана шундай учрашувларда Навоий шаҳ­­ри, Халқлар дўстлиги кўчасидаги 19-уй, 138-хонадонда яшовчи фуқаро М. Асабоева ўғли Ж. Жўрақуловни иш­­га жойлаштириш масаласида му­рожаат қилди. Бу ҳақда вилоят меҳнат бош бошқармасига депутатлик сў­­рови юборилиб, Ж. Жўрақулов мах­сус йўлланма билан "Континент Н" МЧЖ ёғ-мой қўшма корхонасига ишга жой­лаштирилди.

Навбаҳор тумани, "Қизилработ" ма­ҳал­ла фуқаролар йиғинида яшовчи фу­қаро Ж. Саймаматовнинг ишга жой­лаштириш бўйича мурожаати ҳам де­путат сўрови билан ижобий ҳал этил­ди. Айни пайтда Ж. Саймаматов Нав­ба­ҳор туман йўл пудрат-таъмирлаш-фой­­даланиш корхонасида ишламоқда.

Хатирчи туманидаги "Парахун" ма­ҳалласидан М. Икромованинг фуқа­ро­лар йиғинига моддий ёрдам сўраб ёз­ган аризаси қонуний кўриб чиқил­маёт­­гани тўғрисидаги мурожаатини Ўз­бекистон Республикасининг "Жис­мо­ний ва юридик шахсларнинг му­ро­жаатлари тўғрисида"ги Қонуни та­лаб­лари асосида ўрганиб чиқишни сў­раб, Хатирчи тумани ҳокимига де­путатлик сўрови билан мурожаат қи­линди. "Уйшун" маҳалласидан фуқаро О. Орзиевнинг ҳам худди шу мазмун­да­ги аризаси ўрганиш учун туман ҳокимлигига юборилди.

Айтиш жоизки, бугун юртдошлари­миз­­нинг ҳаётга муносабати ижобий томонга ўзгарган, уларнинг ён-ат­роф­даги воқеа-ҳодисаларга нисбатан дахл­­­дорлик туйғуси кучайган. Шу боис, фуқаролар нафақат ўз шахсий муам­молари, балки жамиятга тегиш­ли ижтимоий масалалар борасида ҳам мурожаат қилишмоқда. Жумла­дан, "Учтепа" маҳалласида яшовчи фу­­­қаро Ф. Шукуров ҳудуддаги йўл­лар­­га асфальт ётқизиш тўғрисида му­рожаат қилди. Шу асосда Хатирчи ту­ман ҳокимига депутатлик сўрови ки­ритилиб, муаммони ҳал этиш чораси белгиланди. 

Бундан ташқари, сайловчилар билан учрашувларимизда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни огоҳ­лик­­ка даъват этиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратаяпмиз. Жойларда ўтказилаётган "Ҳуқуқини билган ал­дан­майди", "Ноқонуний миграция — ха­тарли йўл", "Огоҳ одам — оқил одам", "Тинчликни асраш — муқаддас бур­­чи­миз" каби маънавий-маърифий, тар­ғи­бот-ташвиқот тадбирлари фик­ри­миз исботидир.

Маълумки, яқинда бутун мам­ла­ка­тимиз бўйлаб фуқаролар йиғин­лари раислари (оқсоқоллари) ва улар­­нинг мас­лаҳатчилари сайлови бўлиб ўтди. Маҳаллий Кенгашларнинг депутат­лари мазкур ижтимоий-сиё­сий жа­раён­­­да ҳар томонлама фаоллик кўр­сатдилар.

Бир сўз билан айтганда, фуқаролар йиғинлари сайлови депутатларнинг сай­ловчилар ишончини нечоғли оқ­ла­­ётганини яна бир карра синовдан ўтказди.

Нормурод ИСОҚОВ,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

 

(15.09.2016 йил ҳолатига)

НУРЛИ ДИЁР

Мустақил Ўзбекистонимиз тарихан қисқа, аммо асрларга татигулик 25 йилда улкан марраларни эгаллади. Жаҳонда "Ўзбек модели" деб ном олган, Муҳтарам Президентимиз тамал тошини қўйган босқичма-босқич, тадрижий ривожланишнинг машҳур беш тамойили асосида мамлакатимиз дунёда иқтисодиёти жадал тараққий этаётган давлатлар қаторидан ўрин олди. Юртимизда бунёдкорлик ишларининг кенг қулоч ёйиши натижасида халқ фаровонлиги кундан кунга ошиб бормоқда.

Буларнинг барчаси ҳар би­ри­мизнинг дилимизда фахру ифтихор туйғуларини уйғотиб, "Кеча ким эдигу бугун ким бўл­дик?", "Эртага қандай янги мар­раларни эгаллашимиз керак?" деган саволлар атрофида му­шоҳада қилишга ундайди. Мана шу эзгу фикрлардан келиб чиқиб, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳ­ка­масининг "Ўзбекистон тари­хи давлат музейини бугунги замонавий талаблар даража­си­да реконструкция қилиш, Мус­тақиллик ғоялари асосида қай­та шакллантириш чора-тад­бир­лари тўғрисида"ги 1-сон­ли мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида, қизғин иш олиб борилаяпти. Ўзбекис­тон Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи давлат му­зейида янги "Мустақил Ўзбе­кистон: озод ва обод Ватан" экспозицияси яратилмоқда. Ушбу экспозициянинг "Муста­қил Ўзбекистон давлатининг ташкил топиши" номли бўли­мида, республикамизнинг бар­ча вилоятларида ва ҳамма со­ҳаларида эришилаётган ютуқ­ларидан намуналар намойиш этилиши кўзда тутилган.

Мазкур бўлимнинг мазмуни­ни бойитиш мақсадида, Вата­нимиз мустақиллигининг 25 йил­лиги даврида Навоий ви­лоятида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ўзига хос бой ва бетакрор табиати, тарихи ҳамда ютуқ ва ғалабалари тўғрисидаги (ўз­бек, рус ва инглиз тилларида) қизиқарли маълумотлар, шу­нинг­дек, турфа хил соҳаларга доир ранг-баранг фотолав­ҳа­ларга ҳам кенг жой ажратилган.

Шу билан бирга, кўргазмада вилоятимиз ҳақида ҳикоя қи­лувчи "Навоий: ўтмиши қадим, келажаги нурли диёр" ҳамда "Навоийнинг туристик сало­ҳияти" мавзуларидаги ҳужжат­ли, оммабоп видеофильмлар  ҳам намойиш қилинади. "На­воий вилояти" экспозиция­си­нинг мазмуни Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Ислом Каримовнинг 1992 йилда Навоий вилоятини қайта таш­кил этиш тўғриси­даги тарихий Фар­мони билан бошла­нади.

Мазкур кўргазма концеп­ция­си ҳамда экспозициялари ви­лоят тарихий-ўлкашунослик му­зейи илмий ходимлари С. Бозорова, Г. Усмонова ва С. Жумаевалар томонидан тай­ёрланиб, бу билан вилояти­миз­нинг ўзига хослигини тўла­қон­ли ёритиб беришда ўз ҳис­­са­ла­рини қўшдилар. Пой­тах­ти­миз музейига экс­кур­сия­га таш­риф буюрган сай­ёҳ­лар Навоий вилояти тўғрисида ба­тафсил маълумотга эга бў­ли­шади. То­мошабинлар музей заллари бўй­­лаб экскурсия да­вомида қу­йидаги тарихий жа­раёнлар ҳа­қида ҳикоя қи­лувчи нодир экс­понатлар билан та­ни­ша­дилар.

Вилоятнинг та­биати ўзи­­­га хос ранг-ба­ранг бў­либ, ши­моли-ғар­бий қис­мида Қи­зилқум саҳ­роси чўл­лари, жа­ну­би-шарқий қисмида ос­мон­ўпар Нурота тоғ тиз­малари ҳам­да Зарафшон дарё­сининг ўрта қисмида бой ва турфа хил деҳқончилик далалари яс­та­ниб ётибди. За­рафшон дарё­си би­лан бирга­лик­да Айдар­кўл, Шўр­кўл, Тўда­кўл сингари кўп­лаб йирик сув манбалари ви­лоят табиатини янада ранг-ба­ранг бўлиш­ли­ги­га ҳисса қўш­­моқда. Навоий ёш ва нав­қирон вилоят бўлса-да, унинг инсо­ният тамаддунига кат­та ҳисса қўш­ган қадимий ва бе­такрор та­­рихи бор. Булар Сар­мишсой дарасидаги ибти­доий қоятош суратлари, Учтут чақ­моқтош шах­­талари, Работи Малик карвонсаройи ва Сар­доба, Қо­сим Шайх Азизон хо­нақоҳи ва Нуротанинг ноёб меъ­­морий обидалари бебаҳо ма­даний меросдир.

Вилоят таркибида 8 та туман мавжуд. Шунингдек, йирик са­ноат корхоналари негизида На­воий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлари ҳар томонлама ри­вожланиб, обод ҳудудга айла­ниб бормоқда. Айни пайтда На­воий вилояти республи­ка­миз ижтимоий-иқтисодий, маъ­навий-маърифий ҳаётида ўзи­нинг муносиб ўрнига эга бўли­ши билан бир қаторда, ҳуду­ди­­мизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят табиий ресурсларга бой ҳисобланади. "Дўстлик" ор­денли Навоий кон-метал­лургия комбинати давлат кор­хонаси дунёда энг соф олтин иш­лаб чиқарувчилардан бири­дир. Шунингдек, "Навоийазот" АЖ, "Электркимё заводи" қўш­ма корхонаси, "Навоий иссиқ­лик электр станцияси" АЖ, "Қи­зилқумцемент" АЖ син­га­ри йирик корхоналар фаолият кўр­сатмоқда. Қулай географик жойлашуви ҳисобга олиниб, 2008 йилда вилоятда "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилди. ЭИИЗ Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хи­той ва Сингапур каби хори­жий ҳамкорлар билан кенг кў­ламли фаолият олиб бормоқ­да. "На­воий" халқаро аэро­пор­ти не­гизида халқаро интер­модаль ло­гистика маркази иш­га туши­рилди. У орқали "Ўз­бе­кистон ҳаво йўллари" ва Жа­нубий Ко­реянинг "Korean Air" компания­лари ҳамкорлигида жа­ҳоннинг тур­ли мамлакат­ла­рига юк та­шиш ишлари йўлга қў­йилган.

Бугунги кунда вилоятнинг бар­ча шаҳар ва қишлоқларида бир-биридан шинам, замона­вий типдаги маданий-маъри­фий, ижтимоий объектлар, ту­рар-жойлар барпо этилиб, юр­тимиз ҳуснига чирой қўшмоқда. Айниқса, Навоий давлат педа­гогика институти ва Навоий дав­лат кончилик институти­да­ги жўшқин фаолият, уларда ёш­­­ларимизга яратиб бери­лаёт­ган шарт-шароитлар ҳар қандай юксак таҳсинга лойиқ, десак тўғри бўлади. Бундай фахр ва ифтихорга йўғрилган фикрлар музей кўргазма зал­ла­рига ёзиб қўйилган. Янги "Мус­тақил Ўзбекистон: Обод ва озод Ватан" экспо­зи­ция­сини яратишда "Дўстлик бай­роғи" ва "Знамя дружбы" га­зе­­­та­лари таҳририяти давлат корхонасининг фотомухбир­лари Ж. Мирзаев ва С. Ас­ло­нов­­ларнинг фотосурат­ла­ридан фойдаланилган.

Ўтмиши қадим, келажаги нур­­­ли диёримиз — Навоийнинг мустақил Ватанимиз тараққиё­тига қўшаётган ҳиссаси бе­­­қиёс­дир.

Рамазон ЭГАМОВ,

вилоят тарихий-ўлкашунослик музейи директори,

O`zLiDePдан халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутати.

 

 

(15.09.2016 йил ҳолатига)

 

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛМОҚДА

Хитой Халқ Республикаси раҳбарининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Президент Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрдилар.

Хитой Халқ Республикаси Раиси ва Ўзбекистон Прези­денти Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзладилар. Ушбу ташрифни Тошкентдаги муҳим халқаро тадбир — Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 15 йиллик юбилей саммити олдидан бўлиб ўтганлиги Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг аҳамияти ва даражасидан, Ўзбекистон ва Хитой халқларининг ўзаро дўстона муноса­бат­лари янгича маъно касб этаётганидан далолат беради.

Хитой Халқ Республикаси бой тарихий цивилизация ва ноёб маданиятга эга бўлган, бугунги кунда мустаҳкам ва барқарор, жадал ривожланиб бораётган иқтисодиёти, улкан табиий ресурслари ҳамда асрлар давомида мустаҳкамла­ниб, илмий маданий салоҳияти билан нафақат минтақада, балки, дунёда энг қудратли мамлакатлардан бирига айланган қўшнимиздир. Ўзбекистон-Хитой муносабатлари­ни ўзаро ишонч, ҳурмат ва муштарак манфаатли муноса­батларнинг ёрқин намунаси сифатида кўрсатиш мумкин.

Буюк Ипак йўлинининг ажралмас таркиби бўлган мам­лакатларимиз ўртасидаги анъанавий ҳамкорлик муноса­батлари 2 минг йилдан ортиқ тарихга эга. Бу даврда яхши қўшничилик руҳи, тенглик ва ўзаро манфаатли муносабат­ларимиз мунтазам ривожланиб борганлигининг гувоҳи бўламиз.

Икки томонлама муносабатларимизда ўзаро манфаатлар­ни ҳурмат қилиш принципи, ҳеч шубҳасиз, минтақада тинч­лик ва барқарор иқтисодий ривожланишнинг кучли омилла­ридан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Йилдан-йилга нуфузи ортиб бораётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти фикри­мизнинг исботидир.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан: "Тарақ­қиётнинг асосий шарти бу, тинчликдир. Тинчлик бўлма­ган жойда ривожланиш бўлмайди" деган фикр доимо таъкидлаб келинади. Бутун дунёни ташвишга солаётган ушбу муҳим масалада давлатларимизнинг ҳамфикр экан­лигининг ўзиёқ узоқ келажакка йўналтирилган ҳамкор­лигимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида фаол алоқаларимиз долзарб бўлган минтақавий ва халқаро масалаларда ҳамфикрлигимизни таъминламоқда. Ўзбекистон Хитой билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий муносабатларга таянган стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бугунги кунда ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган корхона­ларимиз сони 600 тадан ошди. Мамлакатларимиз ўртаси­даги савдо айланмаси охирги 7 йилда 4,5 баробарга ортиб 4,1 млрд. долларга етди. Босқичма-босқич ривож­ланиб бораётган "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий ва "Жиззах" махсус индустриал зоналари келажакда мамла­кат­ларимиз орасидаги замонавий технология­ларга таянган иқтисодий-инвестициявий муно­сабатларни янада ривож­лантиришнинг қулай имконияти сифатида баҳоланиши мумкин.

Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида амалга оши­рилаётган йирик лойиҳалардан бири сифатида ўз­бек халқининг асрий орзуси — Қамчиқ до­во­ни­дан темир йўли ўтказилганлигини кўрсатиш мум­кин. Ўзбекистоннинг "Ўзбекистон темир йўл­­­лари" ва Хитойнинг "China Railway Tunnel Group" компаниялари томонидан ҳамкорликда қу­­­риб битказилган Ангрен-Поп темир йўлидаги 19 километрлик туннел ноёблиги бўйича ер юзи­­­­даги 3 мингдан ортиқ ўхшаш лойиҳалар ичи­да 8-ўринни эгаллайди. Ўзбекистон Респуб­ли­каси Президентининг шахсий ташаббуси ва раҳ­­барлигида ишга туширилган бу транспорт ту­зилмаси нафақат Ўзбекистон вилоятларини, мин­­­тақадаги мамлакатларни, балки Fарб ва Шарқ­­­ни ҳамкорлик ришталари билан мустаҳ­кам боғловчи муҳим транспорт тармоғи бўлиб хиз­­­мат қилади.

Ўзаро ҳамкорликнинг муҳим жи­ҳатлари ҳақида гап борганда, Буюк Ипак  йўли иқ­тисодий юк­са­лишини биргаликда шакллан­ти­­риш зарурли­ги­га эътибор қаратилди. Хусусан, энергетика, но­хомашё, маданият, таълим, ту­ризм, архео­ло­гия соҳасидаги ҳамкорлик­лар­ни яна­да мус­таҳ­камлаш, икки мамлакат ўртаси­да­ги савдо-иқ­тисодий алоқалар учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган лойиҳаларни иш­лаб чиқиш масаласи ҳар икки томон учун ҳам муҳим аҳа­мият­га эга. Шунингдек, Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам мамлакати­миз орқали ўтиши ёқилғи-энерге­ти­ка соҳа­си­даги улкан салоҳият ва ўзаро ман­фаат­­дор­ликдан далолат беради. Хитой миллий нефт-газ корпорацияси мамлакатимиздаги уг­ле­водород конларини қидириш ва қазиш иш­ла­рида фаол иш­тирок этмоқда. Муборак газ-кимё мажмуа­сида табиий газни чуқур қайта иш­лаш бўйича ҳам­корликда иш олиб  борилмоқда.

Хитой Халқ Республикаси раҳбарининг мам­ла­катимизга ташрифи доирасида Президен­ти­миз Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг пала­тамизга ташрифи катта, унутилмас тарихий во­қеалардан бири бўлди. Парламент тарихида би­ринчи марта Хитой Халқ Республикаси раҳбари нутқ сўзлади. Ўзбекистонда Президентимиз раҳ­­­барлигида олиб борилаётган ислоҳотларга жуда юксак баҳо берар экан, "Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига ҳурматим баланд. Пре­­зидент Ислом Каримов раҳбарлигида Ўз­бе­кистон барқарор сиёсий ва изчил иқтисодий тараққиётга эришмоқда, халқаро ҳамжамият­да­ги обрў-эътибори ортмоқда", деди. Юксак мар­­табали меҳмоннинг бу эътирофини фахр билан эшитдик. Дунёдаги энг иқтисодий сало­ҳия­­ти қуд­ратли давлат бугун Ўзбекистонга ана шун­дай юксак баҳони бермоқда.

Учрашувда муҳтарам Президентимизнинг сўз­лари айниқса катта таассурот қолдирди.

Муҳтарам Юртбошимиз парламент фаолия­ти­га жуда катта эътибор қаратиб келмоқдалар. Ке­йинги 1,5 йил ичида 4 марта биз, депутатлар би­­­лан учрашдилар.

Ҳар гал учрашганларида ҳаммамизнинг ол­ди­мизда ўта муҳим ва долзарб масалалар тур­ган­лиги, депутатлар халқнинг ишончини оқлаш учун ас­тойдил ҳаракат қилиши лозимлигини қай­та-қайта таъкидлайдилар. Учрашувда айтилган, халқ­нинг сиздан умиди катта, сизга овоз берган халқ сиздан амалий ишларни кутади, деган сўз­лари ҳам биз, депутатларни ҳушёрликка чор­лади, шу юрт, шу азиз Ватанни обод этиш учун янада жонни фидо этиб ишлашга даъват этди.

Зеро, мустақилликнинг биринчи кунида "Ўз­бе­кистон — келажаги буюк давлат", дейилганда кимдир ишонган, кимдир ишонмаган эди. Чунки, у маҳаллар мамлакат оғир аҳволда, бир неча кун­­­га етадиган ғалла захираси қолганлигини ино­батга оладиган бўлсак, бу сўзларни айтиш учун Ўзбекистон келажагини кўра билиш керак эди. Биз бугун буюк Ўзбекистонни кўриб туриб­миз. Эришаётган бугунги муваффақиятлари­миз­га дунё мамлакатлари ҳавас ва ҳайрат би­лан қараяпти. Юртбошимиз йиғилишда: "Кеча биз Хитой эришган муваффақиятларга ҳа­вас қил­ган эдик. Чунки кеча Хитойда ўсиш суръ­атлари 10-12 фоиз бўлиб, бизни бу рақам ҳай­рат­га солган эди. Бугун биз ҳам бу соҳадаги ютуқ­­­ларимиз билан ғурурлана оламиз. Чунки, охирги 10 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8 фоиздан ошиб келаяпти. Ўзбекистон иқтисодиётининг бар­қарор ўсиш суръатларини таъминлашга эриш­­­моқда. Биз бугун дунёдаги иқтисодиёти тез ривожланган 5 та мамлакатнинг биримиз.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида парламентлар­аро алоқалар кўп йиллардан буён ижобий тен­ден­цияга эга. Келгусида эса, муҳтарам Юртбо­ши­миз таъкидлаганларидек, Ўзбекистон-Хитой ҳам­кор­лиги йўналишларини янада кенгай­ти­риш ва мус­­таҳ­камлаш масаласига Олий Маж­лис де­­пу­тат­лари ҳам алоҳида эътибор қа­ра­тиш­­лари лозим.

Ўйлаймизки, икки мамлакат етакчилари ўр­та­сида бўлиб ўтган бу сафарги музокаралар из­чил ривожланиб бораётган муносабатлар та­рихида муҳим босқич бўлибгина қолмай, мам­лакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг юк­са­лишига салмоқли туртки бўлиши, шубҳасиз.

Аҳад АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси.

 

(15.09.2016 йил ҳолатига)

ХАЛҚПАРВАР, ОДИЛ СИЁСАТ ОДАМЛАРДА ИСТИҚЛОЛГА МУҲАББАТ УЙҒОТДИ

Биз бугун мустақил давлат ва жамият қуриш, халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида тарихан қисқа даврни, бир неча ўн йиллар, балки асрларга тенг келадиган йўлни босиб ўтдик. Шу ўринда бир қадар мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейинги йилларда амалга оширилган ишлар, айниқса, халқ фаровонлиги, ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ислоҳотлар хусусида тўхталиш лозим.

Тарихга назар соладиган бўл­сак, 1989-1990 йиллар катта иқ­ти­содий қийинчиликлар даври эди. Экинзорларнинг бор-йўғи 8-10 фоизида буғдой етишти­ри­лар­ди, 0,8 фоизида — кар­тош­ка. Айни вақтнинг ўзида улкан майдонлар пахта учун аж­ра­тил­ганди. Бироқ шундай оғир ва­зият­да ҳам, Ислом Каримов­нинг қатъий саъй-ҳаракатлари нати­жасида 1989 йилнинг ав­густ ойи­да қишлоқда яшовчи ҳар бир оилани томорқа билан таъ­мин­лаш, уларга якка тар­тиб­да уй-жой қуриш учун барча шарт-ша­роитларни яратиб бе­риш ҳақи­даги қарор қабул қилин­ди. Унга кўра, 1989-1990 йилларда 1,5 миллион оиланинг томорқа хўжа­ликлари кенгай­тирилди, 700 минг оилага ер участкалари ажратил­ди. Бу чо­ра-тадбирлар ўша пайт­да кес­кин тус олган ижтимоий ва­зият­­ни юмшатиш имконини берди. Аҳолининг даромад ман­балари кўпайди, уй-жой масала­лари ўз ечимини топиб, банд­лик дара­жаси ўса бошлади.

Ўзбекистонда ижтимоий со­ҳа­га жамият эътиборини ку­чай­ти­риш, манзилли ижтимо­ий ҳимояни кафолатлаш дав­лат сиёсатининг асосий усту­вор йўналишларидан биридир. Мамлакатимизни тараққий этти­­ришнинг миллий модели асосини ташкил қиладиган беш тамойилнинг бири ҳам куч­ли ижтимоий сиёсат юритиш­дан иборат. Мазкур тамойил асосида мустақиллик йиллари­да мамлакатимизда беқиёс ишлар амалга оширилди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетар экан, мамлакатимизда бу бора­даги қонунчилик асосларини мустаҳ­кам­лашга алоҳида эъти­бор қа­ратилди. 1991 йилдаёқ "Ўзбекис­тон Республикасида ногирон­ларни ижтимоий ҳи­моя қилиш тўғрисида"ги Қонун қабул қи­лин­ди. Бундан ташқа­ри, "Фуқа­роларнинг давлат пенсия таъ­миноти тўғрисида", "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғриси­да", "Фуқаролар соғли­ғи­ни сақ­лаш тўғрисида"ги ва бошқа шу каби қонунлар, Пре­зидент фар­мон ва қарорлари, ҳукумат қа­рорлари ҳамда бош­қа нор­матив-ҳуқу­қий ҳуж­жатлар шу­лар жумласидандир.

Мазкур қонун ҳужжатлари­нинг ҳаётга из­чиллик билан тат­биқ этилиши, ҳар йили давла­ти­миз бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳаларни молия­лаш­­тиришга сарфлана­ёт­гани ҳамда иж­тимоий соҳа­ни ривожлантириш, ижти­моий ислоҳотларнинг босқичма-бос­қич, тизимли равишда изчил олиб борилиши натижасида мам­лакатимизда ижтимоий бар­қарорлик сақланиб, одам­лар­нинг эр­танги кунга ишончи мустаҳкамланиб, бунёд­­корлик салоҳияти тобора ошиб бор­­моқда.

Маълумки, Олий Маж­лис Қо­нунчилик палатаси томо­ни­дан ҳар йили давлат бюдже­ти кўриб чиқилади. Унга кўра, жорий йилда ҳам ижти­моий соҳага Давлат бюджети жами ха­ражат­ларининг 59,1 фоизидан кўпроқ маб­лағ ажра­тилди. Жумладан, таълим-тар­бия со­­ҳасига 33,7 фоиз, соғлиқни сақ­лаш тизи­мига 14 фоиз йўналтирилади. Таъ­лим-тарбия соҳасини таъмин­лаш ва ривож­лан­тириш сарф-харажатлари ўт­ган йил­га қара­ганда 16,3 фоизга, соғ­лиқ­ни сақ­лаш тизимида 16 фоизга кўпаяди.

Ўзбекистонда мустақил­ликнинг би­ринчи кунларидан бошлаб жамиятнинг иж­тимоий табақалашув даражасини ка­май­тиришга алоҳида эътибор берилди. Юртимиздаги 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасида­ги фарқ, яъни "де­­цил коэффи­циенти" деб ном олган кўр­саткич барқарор пасайиш тенденция­сига эга бўлиб, бу рақам 2010 йилдаги 8,5 фоиз ўрнига 2015 йилда 7,7 фоизни ташкил этди.

Даромадлар ўртасидаги фарқни ифо­да этадиган яна бир халқаро кўрсаткич - Жини индекси мамлакатимизда 2010 йилдаги 0,390 ўрнига 2015 йилда 0,280 ни ташкил этди ва бу натижа дунёнинг кўп­­лаб иқтисодий ривожланган ва ри­вожланаётган давлатларига қараганда анча пастдир.

Аҳоли даромадларининг ортиши на­ти­жасида ички истеъмол талаби кенгай­моқ­да. Чакана савдо айланмаси бир йил­да 15 фоиздан зиёд, пуллик хизмат­лар ҳажми эса 10,8 фоизга ўсди.

Айни пайтда Ўзбекистонда "Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун" тамо­йи­лини ҳаётга татбиқ этиш давом этмоқда. Қишлоқларда болаларимиз учун мак­таб­лар, коллежлар ва лицейлар, замонавий даволаш муассасалари қад ростла­моқ­да. Шаҳар ва қишлоқлар чирой очмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳо­мийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқаро экспертлар иштирокида 2015 йилда 158 та давлатда "Дунёнинг энг бахт­­ли мамлакатлари" деган мавзуда тад­­қиқот ўтказилди. Ҳар қайси мам­ла­кат­­­нинг ўз фуқароларини бахтли ҳаёт билан таъминлаш қобилиятини ифода эта­диган ушбу индекс бўйича Ўзбекис­тон 44-ўринни эгаллади. Айтиш жоизки, юр­тимиз 2013 йилда бу рейтингда60-ўринда эди.

Мухтасар қилиб айтганда, мустақил та­раққиёт йилларида босиб ўтган, осон кеч­­маган йўлимизни, амалга оширган иш­ларимизни, эришган ютуқ ва марра­ла­ри­мизни сарҳисоб қилсак, 25 йил да­вомидаги ислоҳотлар ўзининг буюк на­тижасини бераётганига гувоҳ бўла­миз. Энг асосийси, бу каби халқпарварлик, иж­тимоий ҳимояга қаратилган одилона давлат сиёсати одамлар қалбида Мус­та­қилликка, Истиқлолга чексиз муҳаббат уйғотди ва уни асраб-авайлаш йўлида кучли шаҳд пайдо қилди.

Козим ТОЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Маж­лиси Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демок­ратик партияси фракцияси аъзоси,

Меҳ­нат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 (15.09.2016 йил ҳолатига)

САМАРАЛИ ПЕРИНАТАЛ ХИЗМАТ

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиясининг жорий йил иш режасига асосан, Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва вилоят перинатал маркази фаолияти таҳлил қилинди.

Ўрганиш жараёнида аниқ­ла­нишича, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури бў­йича тегишли чора-тад­бир­лар режаси тасдиқ­лан­ган бўлиб, унинг ижроси юза­­­­­сидан бир қатор ижобий иш­лар қилинган. Жумладан, тиб­биёт бирлашмасида но­ги­рон, кам таъминланган оила­­­­ларга 10 турдаги дори-дар­мон, санитария-гигиена во­си­­талари берилган. Сил ка­­саллигининг юқори хавф гу­руҳидаги жами 5533 на­фар фу­қаро флюорографик тек­ширувлар билан қамраб олин­ган.

Шуни таъкидлаш жоиз­ки, марказ замонавий тиб­бий жи­ҳозлар билан таъ­минлан­ганлиги натижасида яшаб кетиш имконияти чек­ланган чақалоқларни сақлаб қо­лиш­­га эришилмоқда.

Ғ.Назаров

халқ депутатлари На­воий шаҳар Кенгаши депутати. 

(14.03.2016 йил ҳолатига)

Изчил ислоҳотлар юртимиз тараққиётига хизмат қилади

Юртимизда муҳтарам Президентимиз И. Каримов олиб бораётган оқилона сиёсат асосида қишлоқ хўжалигининг барча жабҳаларида юксак самараларга эришилмоқда.

Мустақилликка эришилган дастлабки йил­ларданоқ Ўзбекистон Республикасининг "Ер кодекси", "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қо­­нуни қабул қилиниб, хўжалик юритиш шак­ли сифатида фермер хўжаликлари қарор то­пи­ши учун муҳим ҳуқуқий асос яратилди.

Кармана тумани ҳокимлигининг маълу­мо­тига асосан, 2015 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, тумандаги 221 фермер хўжалигига ҳар бир йў­налиш бўйича 13103 гектар экин майдони би­­рик­тирилган бўлиб, ўтган йилда пахтачи­лик­­да 153 та фермер хўжалиги томонидан 6220 гектар пахта майдонларидан шартнома бўйича 17735 тонна (ўртача ҳосилдорлиги 40 центнер) пахта хомашёси йиғиб олинган.

Fалла етиштириш бўйича 156 та фермер хў­жалиги томонидан 7331 гектар ерда ғалла етиш­­тирилиб, режа-топшириқ 117,5 фоизга ба­жарилган, ўртача ҳосилдорлик 44 цент­нер­ни ташкил этди. Барча хўжаликлар томо­нидан 49015,0 тонна сабзавот маҳсулотлари, 8102 тон­на картошка, 7217 тонна полиз, 16015 тонна мева, 5021,0 тонна узум етиштирилиб, шу­нингдек, 16381 тонна гўшт маҳсулотлари, 57242 тонна сут маҳсулотлари ва  68 миллион 553 минг дона тухум аҳолига етказиб берилди. Бу кўрсаткичларга эришиш ўз-ўзидан бўл­гани йўқ, албатта, бунинг орқасида машақ­қат­­ли меҳнат ётибди.

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳот­лар­ни чуқурлаштириш бўйича Республика ко­мис­сиясининг 2015 йил 21 октябрдаги йиғилиш қа­рори ижроси юзасидан фермер хўжалик­ла­рининг ер майдонларини мақбуллаштириш бў­йича туманда жами 30494 гектар ер май­донлари бўлиб, уларнинг 14264  гектари су­ғо­риладиган ва 13103  гектари экин май­дон­ла­­рини ташкил қилади. Мақбуллаштириш яку­нига кўра, туманда 43 та фермер хўжали­ги­нинг жами 4554 гектар майдони туман ҳо­ким­лиги захирасига қайтариб олиниб, 70-80 гек­тардан ортиқча ер майдони бўлган 27 та фермер хўжалигининг 2214 гектар ер май­донлари ва режани мунтазам бажармаган 16 на­фар фермер хўжалигидан 2340 гектар ер майдонлари туман захирасига қайта­ри­либ, майдонлари мақбуллашган фермер хў­жаликлари ҳисобига жами 59 лойиҳа ишлаб чиқилган. Уларга талабгор бўлган 177 нафар ном­зод ўртасида халқ депутатлари туман ҳам­да вилоят Кенгашларининг навбатдан таш­қари сессияларида тасдиқлангач, тендер тан­ловлари ўтказилиб, 59 нафар фермер хў­жа­лиги ташкил этилиб, уларга қишлоқ хў­жалиги маҳсулотлари етиштиришлари учун ер май­дон­лари узоқ муддатли шартнома асо­сида ажратиб берилди. Натижада янги таш­кил этил­ган фермер хўжаликлари ҳисобига 638 та янги иш ўрни яратилди. Ана шу иш­лар­нинг давоми сифатида яқинда бўлиб ўтган халқ депутатлари Кармана тумани Кен­га­шининг навбатдан ташқари сессиясида де­путатлар томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ри­вож­лантириш учун муҳим бўлган масала — Фер­мер хўжаликлари томонидан қишлоқ хў­жалигида белгиланган агротехник тадбир­лар­нинг ташкил қилинганлиги ҳолати муҳокама этилди.

Сессияда туман Фермерлар кен­гашининг хулосаси ва туман ер участка­лари­ни эгалик қи­лишга, ижарага ва мулк қилиб бериш ма­салаларини кўриб чиқиш комис­сия­сининг "Ҳазора" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳу­­­ду­­ди­даги "Деҳқонобод" фермер хўжали­гининг ерларини тўлиғинча туман захира ерлари ҳи­собига қайтариб олиш тўғриси­да­ги қарори қа­бул қилинди. Бундан ташқари, сессияда тумандаги "Узумзор ниҳоли", "Но­дир Ҳам­роев келажаги", "Хол Зариф", "Мурод бобо", "Равшан", "Янги Назар Мурот", "Кар­мана Илёс Нурмат" ва "White gold Navoiy" каби фер­­мер хўжаликлари ер майдонларида аг­ро­техник тадбирларни амалга оширишда хато, камчилик ва масъулият­сиз­ликка йўл қў­йиб, қолоқлар сафига кириб қол­ганлиги қайд этилди.

Депутатлар томонидан муҳокама этилган қо­лоқликка йўл қўяётган фермер хўжаликларида амалга ошириладиган муҳим агротехник тад­бирларни уюшқоқлик билан, ўз вақтида ва си­фатли ўтказилишини таъминлаш бўйича тад­бирлар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги "Ўзбекистонда фер­мерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони кўп тар­моқли фермер хўжаликларини ри­вожлан­ти­риш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қув­ват­лаш учун ҳуқуқий асос яратиб берди. Кўп тар­моқли жамоалар томонидан картошка, саб­завот, озуқа ва мойли экинлар етишти­риш, чорвачилик, паррандачилик, куркачи­лик, қуён­чилик, балиқчилик, асаларичилик, боғ­­дор­чи­лик, узумчилик, терини қайта иш­лаш ва бош­қалар амалга оширилади. Жорий йилда ана шу йўналишда 128 та лойиҳа татбиқ эти­либ, 21,4 миллиард сўм маблағ сарф­ла­ниши, 324 та янги иш ўрни ярати­ли­ши кўзда тутил­моқ­да.

Кўзланган мақсад ва режаларни амалга оши­­ришда нафақат фермерлар, балки ту­манда меҳнат қилаётган барча масъуллар ва фаол­ларнинг ҳамкорликдаги меҳнати асо­си­да эришилишига шубҳа йўқ.

А. ЖАЛИЛОВ,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши аграр, сув хўжалиги ва

экология масалалари доимий комиссияси раиси.

 

(01.03.2016 йил ҳолатига)

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатихалқимизнинг манфаатларини ифодалайди

Халқимизнинг ривожланган мустақил давлат қуришдек азалий орзуси ушалган ўтган асрнинг 90-йиллари бошлари ўзбек халқи тарихида янги саҳифа очилиши даври бўлди. Президентимиз нафақат мустақилликни таъминлаш, балки иқтисодиёти жар ёқасига келиб қолган мамлакатни бундай қалтис ҳолатдан талафотларсиз олиб чиқиш, собиқ иттифоқ тузумига асосланган бошқарув ўрнига илғор, самарадор бошқарув тизимини жорий этиш, эскича мафкура ва фикрлашдан бутунлай воз кечиш борасидаги, қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон учун тараққиётнинг ўзига хос йўлини ишлаб чиқишдек жуда муҳим масалаларни ҳал эта олди.

Асосий Қонунимизда "Ўзбекистон­нинг ташқи сиёсати давлатларнинг су­верен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегара­лар­­нинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатлар­нинг ички ишларига аралашмаслик қои­­даларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади", деб бел­ги­лаб қўйилган.

Асосий Қонунимизнинг бу қоидала­ри­да ўзбек халқи тинчлик ва барқарор­лик­ни асраб-авайлаш, унинг қадрига етиш, пировардида халқимизнинг фа­ровонлиги, осойишта турмуш кечири­ши­ни таъминлаш ва барқарор ривож­ла­­нишга бўлган интилишлари ифода­си­ни кўриш мумкин.

Бугунги кунда Яқин Шарқ ва Африка дав­латларида содир бўлаётган  нотинч­лик ва қуролли тўқнашувлар бизни ал­батта огоҳликка ва ҳушёрликка чор­лаши табиий.

Президентимиз И. Каримов ўтган йил 23 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси Қонун­чи­лик палатаси ва Сенатининг қўшма маж­лисида "Кўпчилик давлатлар қа­то­рида Ўзбекистонимизда ҳам айни мана шундай таҳликали вазиятнинг ол­дини олиш, остонамизга йўл қўймас­лик, юр­­ти­мизда бугун ҳукм сураётган тинч­лик ва барқарорлик, меҳр-муҳаб­бат­ни асраш, шу билан бирга, юз бе­риши мум­кин бўлган ҳар қандай хатар­ли бу­рилишларга тайёр бўлиш мақса­ди­да ўзимизнинг қатъий позициямиз ва сиё­сатимизни аниқ белгилаб ол­ган­миз", деб алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Дарҳақиқат, халқимиз манфаатлари­дан келиб чиқиб, 2012 йилда қабул қи­линган "Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсати концепциясини тас­диқ­­лаш тўғрисида"ги Конституциявий қонунда ҳам бизнинг хавфсизлигимиз билан боғлиқ бўлган принциплар бел­ги­лаб берилган.

Авваламбор, узоқ ва яқин қўшни дав­латлар билан  тил топишиб, улар билан тенг ҳуқуқли ҳамкор ва ҳамжиҳат яшаш, энг муҳими, ҳеч қандай ҳарбий блок­ларга қўшилмаслик, муқаддас юр­ти­миз тупроғида чет мамлакатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштирмаслик ва ҳарбийларимизни ўзга мамлакат­лар ҳудудига киритмаслик прин­цип­лари шу­лар жумласидандир.

Чунки халқимиз уруш балосининг оғир оқибатларини яхши билади. Қо­ла­верса, иттифоқ даврида юртимиз ўғ­лонлари узоқни ўйламай юритилган сиё­­сат натижасида, Афғонистон ва бошқа жойларда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, майиб ва мажруҳ бўлиб қайтганлигини, ўша ўлкаларда ҳалок бўл­­ганлигини ҳам халқимиз унут­май­ди.

"Уруш келган жойдан барака кета­ди", дейди доно халқимиз. Шу са­баб­ли, иқтисодий ва ижтимоий ривожла­ниш учун барча имкониятларга эга бўл­ган мамлакатларда, халқни, айниқса, ёш­­ларни ёлғон, ҳеч қандай диний ва  маъ­навий асосларга эга бўлмаган пуч фикр ва мақсадларга ишонтириш оқи­батида жамиятда зиддият юзага ке­ли­ши, ҳарбий тўқнашувлар содир бў­ли­ши билан у диёрда хонавайронлик, ўлим, очлик, ғам ва кулфат ин қўймоқда. Шу боис, ишонч билан айтиш мумкин­ки, республикамизда жорий этилган  пух­та ўйланган  ташқи сиёсат, давлати­миз ривожи ва фаровонлигини таъ­мин­­­лаган ҳолда халқимиз манфаатла­ри­ни ифодалайди ва уни ёқлайди.

Ушбу сиёсат натижасида мамлакати­мизда улуғ неъмат — тинчлик ҳукм су­риб, иқтисодий барқарорликнинг таъ­минланиши, ялпи ички маҳсулотнинг кейинги 10 йилда 8 фоиздан кам бўл­маётганлиги сабаб, Ватанимиз чет эл ин­весторлари учун ишончли ҳамкорга айланиб улгурди. 2015 йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўт­ка­зилган Халқаро инвестиция форуми­да дунёнинг ривожланган 33 та дав­латидан нуфузли фирма ва компания­ларнинг 560 нафардан зиёд вакили, шу­нингдек, етакчи халқаро молия инс­титутлари раҳбарлари иштирок этган­ли­ги, форум якуни бўйича умумий қий­мати 12 миллиард доллардан зиёд ин­вестиция битимлари имзоланганининг ўзигина юқоридаги фикрларимизни яқ­қол тасдиқлаб турибди.

Шундай экан, юртимизни, эриши­лаёт­ган ютуқларимизни асраб-авай­лаш, ислоҳотларимизни изчил давом эт­тириш, ёшларни динимиз ва маъна­виятимизга ёд бўлган мафкуралардан асраб, комил инсон қилиб тарбиялаш биз­нинг бурч ва вазифамизга айла­ни­ши лозим.

Ўткир ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.