08.12.2018 Вилоят ҳокими К.Б.Турсуновнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган маросимдаги СЎЗИ

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли тадбир иштирокчилари!

         Шу кунларда барчамиз тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз Ўзбекистон           Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма олти йиллигини кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар билан қарши олмоқдамиз.

 Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва сизлар орқали барча вилоятимиз аҳлини ушбу муқаддас айём билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришда Бош қомусимиз муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Зеро, муҳтарам Юртбошимизнинг таъбирлари билан айтганда: “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда”.

Давлатимиз раҳбари томонидан биргина шу йилнинг ўзида қабул қилинган 300 га яқин қарор ҳамда 100 га яқин фармонлар ҳам юрт равнақи ва халқимиз турмуш фаровонлигига хизмат қилаётганлиги билан барчамиз учун беқиёс аҳамиятга эгадир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи асосий кучга айланди.

Бу эзгу ислоҳотлар самарасини вилоятимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, ободончилик ишлари мисолида ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 34378 та доимий иш ўринлари яратилди.

 “Ёшлар келажагимиз”, Ҳар бир оила - тадбиркор, ҳунармандчиликни ривожлантириш, ҳокимликлар ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳисобидан 12 152 та лойиҳалар учун 163 миллиард 923 миллион сўм маблағ ажартилгани халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилда вилоятимизнинг 21 та қишлоқ ва маҳалларида “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастури доираси қарийб 400 миллиард ишлар якдиллик билан олиб борилмоқда.

Вилоятимизда биргина шу йил давомида тармоқ корхоналарни ҳисобга олмаган ҳолда умумий қиймати 1 триллион 666,3 миллиард сўмлик қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Айниқса, сўнгги икки йил давомида қишлоқ жойларда 2959 та, шаҳарда эса 33 та 1386 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилгани 21 минг нафар аҳолининг бу борадаги муаммоларини ижобий ҳал этишда муҳим омил бўлди.

Такидлаш жоизки, вилоятимизда жорий  йилда дастурларга асосан 47 та мактаб, 23 та боғча, 32 та тиббиёт муассасаларида қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, тадбиркорларимиз томонидан эса давлат хусусий шерикчилиги асосида 120 га яқин нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилаётгани келажак авлодга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Шундай қувончли лаҳзаларда вилоятимизда биргина жорий йилнинг ўзида 4 та халқаро конференция ташкил этилиб, мазкур конференцияларда 70 га яқин дав-латлардан 300 нафардан ортиқ олимлар, тадқиқотчилар, тадбиркорлар иштирок этганини юксак фахр билан тилга олсак арзийди.

 

 

 Бунинг натижасида бугунги кунда ҳудудимизда фаолият кўрсатаётган қўшма корхоналарнинг 40 таси шу йилнинг ўзида ташкил этилди.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Вилоятимиз спортчиларининг жорий йил жаҳон, Осиё чемпионати, халқаро спорт мусобақалари ва кубокларида 40 та олтин, 31 та кумуш, 37 та бронза медалларини қўлга киритгани ёшларимиз орасида ҳақиқий истеъдодлар камолга етаётганидан далолат беради.

Муносиб равишда спортчиларимиздан Кумушхон Файзуллаеванинг Президент совғаси сифатида 2 хонали квартира, Ихтиёр Наврўзовнинг “Ласетти” автомошинаси, иқтидорли ёшларимиздан Иброҳим Ғаффоровнинг “Спарк” автомашинаси, Маржона Нодирқулованинг 50 миллион сўм маблағ билан рағбатлантирилгани фаол ва шижоатли ёшларимиз ҳамиша Президентимизнинг диққат-эътиборида эканлигининг амалий ифодаси бўлди. 

Бундай эътиборга жавобан, ёшларимиз мамлакатимизнинг келажакда янада равнақ топишида, мустақиллигини мустаҳкамлашда, жаҳон майдонидаги ўрнини юксалтиришда ўз билим ва тафаккури, ташаббуси, изланиш ва интилиши билан муносиб ҳисса қўшишларига ишонамиз.

Эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларни вилоятимиз мисолида яна кўплаб давом эттиришимиз мумкин.

 

Азиз дўстлар! 

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва сизлар орқали барча вилоятимиз аҳлини яна бир бор қутлуғ сана билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, Ватанимиз равнақи йўлидаги эзгу ишларингизга омад тилайман.

Жаннатмакон юртимизга ҳеч қачон кўз тегмасин.

Байрамингиз муборак бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат.