Бугун: 12 Ноя 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Home Page > > Кўнгилларга кўчаётган ободлик


Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси натижасида олис ва чекка қишлоқлар кўркамлашиб, аҳолининг турмуш даражаси фаровонлашиб бормоқда.
Жумладан, Кармана туманидаги Ҳазора қишлоғида кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари бажарилди. Бу ердаги «Ҳазора», «Паҳлавон», «Деггарон», «Малик» маҳаллаларида ўн бир мингга яқин киши истиқомат қилади. Иккиланмай айтиш мумкинки, бундан бир неча ой олдин бу масканга келган киши айни пайтда қишлоқни танимай қолиши аниқ. Кўркам ва равон бўлган йўллар, оқланган дарахтлар, ҳовлилар ободлиги, замонавий типда қайта таъмирланган мактаб, боғчаларни кўриб кўз қувнайди. Яқинда қишлоқ марказида тадбиркор А. Қиличев томонидан сунъий қопламали кичик футбол майдони қуриб фойдаланишга топширилди. Ўйингоҳ спортсевар ёшлар билан доим гавжум. Шубҳасиз, ҳар бир қилинаётган ишда қишлоқ аҳолиси яшаш шароитини яхшилаш, турмуш маданиятини ошириш сингари эзгу мақсад намоён бўлаётир.
— Ҳудудни обод этиш учун 25 миллиард сўм ажратилган бўлиб, шу пайтга қадар унинг 20 миллиарди ўзлаштирилди, — дейди туман ҳокимлиги қурилиш бўлими етакчи мутахассиси О. Бобоёров. — Жумладан, қишлоқдаги йўл атрофига 800 та манзарали кўчат ўтқазилди. Еттита умумий ўрта таълим мактаби таъмирланди. Қишлоқ оилавий поликлиникаси, шунингдек, 16 ва 24 умумтаълим мактабларида қўшимча бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Йўл ёнларига 30 та ёриткич ўрнатилди. Улар сонини янги йил байрамигача яна 100 тага кўпайтириш кўзда тутилган. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 25 километр сув қувурлари янгисига алмаштирилди. Қўшимча равишда яна 6,5 километр қувур ётқизиш мўлжалланган. Шунингдек, 12 километр йўлга шағал, 3 километрига асфалт ётқизилди. Янги йил байрамигача «Ҳазора» маҳалласи марказида «Оталар чойхонаси» ва маданий томошаларга мўлжалланган «Амфитеатр» биносини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Айни кунларда иш қизғин давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳудуддаги кам таъминланган, ногиронлиги мавжуд ва меҳнатга лаёқатсиз кишиларни қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор қаратилган. Шунга кўра, 49 нафар эҳтиёжманд оила яшайдиган уйларнинг томини ҳомийлик ёрдамида шифер билан қоплаш ишлари олиб бориляпти. Жумладан, «Паҳлавон» маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Т. Раҳмонов бошчилигида Ю. Шукуров, Д. Қурбонов, О. Султонов, Р. Ҳамдамоваларнинг уйлари таъмирланишига ёрдам берилди. «Ҳазора» МФЙ раиси Х. Турсуновнинг айтишича, бу ерда йил охиригача 19 нафар кам таъминланган оилага шундай ёрдам кўрсатиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 8 та уй томига шифер ёпилди.
Халқимизда «Ободлик кўнгилдан бошланади», деган нақл бор. Аҳамиятлиси, кўркам бўлиб бораётган қишлоқда аҳолининг ўзи ҳам яратувчанликка бирдек ҳисса қўшишга чоғланган. Бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга туманнинг тегишли ташкилотлари бириктирилган. Хусусан, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти туман ўқув-спорт техник клуби ходимлари ҳам хонадонларда бўлиб, маҳаллалар кўркамлиги учун жонбозлик кўрсатишмоқда.
— Қишлоғимиз кундан-кунга обод, чиройли ва саришта масканга айланиб бормоқда, — дейди «Паҳлавон» маҳалласидан пенционер М. Холиқов. — Кўчаларимиз тунда чароғон. Халқимиз кўтаринки руҳда давом этаётган катта ободонлаштириш тадбирларида бажонидил қатнашмоқда. Кимдир дарахтларни оқлаган, кимдир ҳовлисини, яна кимдир дераза ва эшикларни бўяган. Ҳамма улкан шодиёнага ҳозирлик кўраётгандек. Бундай манзарани кўриб, хурсанд бўласан, киши. Маҳаллада бўш турган одам қолмади. «Сариштали уй — фариштали уй» дейишади. Бутун маҳалла, қишлоқнинг обод бўлиши эса юртимизни янада файзли қилади. Қолаверса, бу одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат, биродарлик туйғуларини ҳам мустаҳкамламоқда.
Яқинлашиб келаётган янги йил байрамига қадар қишлоқда яна бир қанча ишлар ниҳоясига етказилади. Бу эса аҳолининг кайфиятини янада кўтариб, яратувчанлик завқи билан меҳнат қилишга ундаши аниқ. Зеро, ободликнинг кўнгилларга кўчаётгани ҳам шунда кўринади.

Зулфия БОБОЙЭВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 1211 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus