Бугун: 20 Ноя 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Home Page > > Адолат ва илм-фан ҳомийси


Буюк бобокалонимиз Амир Темур дунё тарихида ноёб истеъдод соҳиби, узоқни кўрувчи сиёсатчи, юксак ақл-заковат эгаси, кучли саркарда ҳамда адолатпарвар давлат арбоби сифатида тилга олинади.
Соҳибқироннинг буюклиги, аввало, мўғуллар истилоси остида бўлган ўлкада миллий бирликни таъминлаб, кучли марказлашган давлатга асос солиши, илм-фан, адабиёт ва санъатга ҳомийлик қилиши ҳамда бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлиб, ўрта аср сивилизациясига беқиёс ҳисса қўшганлигидадир.
Амир Темур даврида Марказий Осиёнинг мустақил давлатга бирлаштирилиши, тинчлик ва барқарорликнинг қарор топиши, шубҳасиз, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий тараққиётига улкан таъсир кўрсатди. У ҳарбий юришларда бўлган вақтида ҳам юртда, айниқса, салтанат пойтахти Самарқандда ободончилик, бунёдкорлик ишлари узвий давом этган. Чунки саркарда ўрнатган адолат тамойилларига ёшу қари бирдек итоат этган ва маънавий-ахлоқий қадриятларга таяниб иш тутилган.
Улуғ давлат арбоби Шарқ донишмандлари изидан бориб, «Куч адолатдадир» деган қоидага қатъий амал қилди, адолатни куч билан уйғунлаштирди, адолатнинг кучли, кучнинг эса адолатли бўлишига эришди. Ўз иймон-еътиқодига бир умр содиқ қолган бобокалонимиз кучга таянмаган адолат ожизлик, аксинча, адолатсиз куч зўравонлик эканини ҳис этган, чуқур англаган.
Амир Темур марказий давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ихчам шаклда тузди. Бу ишда у сонга эмас, сифатга қаттиқ эътибор қаратди. Давлат муассасаларидаги масъулиятли лавозимларга имонли, инсофли, диёнатли, ғайрат-шижоатли, тадбирли ҳамда ташаббускор одамларни тайинлади.
Марказий давлат уч асосга — дину диёнат, адолат ва куч-қудрат пойдеворига қурилганлиги боис жабр-ситам йўли беркитилиб, адолат тамойиллари қарор топди. Шу сабабли Темур тамғасида ҳам «Рости-русти», яъни «Ҳақгўй бўлсанг, нажот топасан», деган ёзув битилган эди. Унинг давлатида тарихда камдан-кам учрайдиган лавозим — «Адолат амири» таъсис этилганди. Буюк бобомиз тарихий манбаларда «Соҳибқирон» номи билан бир қаторда «Соҳиби адл» — «Адолат соҳиби» номи билан ҳам улуғланади. Тожу тахт ҳамда салтанат тақдири кўп жиҳатдан вазирларнинг ҳалол ва поклиги, тўғри иш юритишига ҳамда саъй-ҳаракатига боғлиқ бўлган. Шу сабабли у вазирларнинг тўрт сифатга эга бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратган. Яъни, уламоларда асллик ва тоза насллик, ақл-фаросатлилик, сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалалик, сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик фазилатлари устун бўлиши шарт, деб ҳисоблаган.
Соҳибқирон қора ниятли, нафси бузуқ одамларни ҳукумат ишларига яқинлаштирмаган. У вазирларни тўғрисўз, софкўнгил, адолатпеша ҳамда садоқатли бўлишини истар, бундай мулозимларга мулозамат кўрсатиб, уларни қадрлар эди. Шунингдек, ўз мансабини суиистеъмол қилиб, салтанат ва халқига хиёнат қилган вазирларга тегишли жазо тайинларди. 1404 йилда Самарқандга келган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз хотираларида давлатга хиёнат қилган вазир Хожа Муҳаммад Довуд салтанатда ҳукмдордан кейинги энг катта амалдор бўлгани, Темурбек уни олти йилу ўн бир ой аввал вазир этиб тайинлаб кетгани, у шу вақт ичида мансабини суиистеъмол қилгани учун қонун асосида жазолангани ҳақида ёзиб қолдирган.
Миллати, тили, диний эътиқоди, урф-одат ва анъаналари, маданияти, санъати турлича бўлишига қарамай, қўл остидаги барча мамлакатларнинг халқларига, эл-улусига бир хилда ҳурмат билан қараш, адолатли сиёсат олиб бориш бобомизнинг қон-қонига сингиб кетганлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Амир Темур ва унинг авлодлари улуғ салтанатнинг барча ҳудудида юксак бунёдкорлик ишларини амалга оширганлар, уларнинг қадами етган жой борки, барчасида темурийзодалар қурган иншоотлар қад ростлаган. Шу ўринда, Амир Темур «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим», дегани муҳим аҳамиятга эгадир.
Соҳибқирон давлат бошқаруви ҳамда ҳарбий соҳада ўзига хос усул яратди. Шу асосда барпо қилган давлати билан дунёни лол қолдирди. Биз унинг тарихига, фавқулодда шахсига, авлодлари фаолиятига қайта-қайта мурожаат қилаверамиз. Фахримиз, ғуруримиз, халқимиз даҳосининг тимсоли, миллий қаҳрамонимиз — Амир Темурнинг улуғ сиймоси, руҳияти, табиати, адолатпарвар сиёсати, панду насиҳатлари авлодларга ҳам тоабад ҳаётий сабоқ бўлиб қолади.

В. ХЎЖАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Навоий академик литсейи ўқитувчиси.

Кўрилганлар сони: 863 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus