Вилоятда географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

НАВОИЙ ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ

 (2012 йил 26 октябрдан кучга кирган)

 

Вилоятда географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

      “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари хақида”ги 295-сонли қарорини ижро этиш юзасидан, шунингдек географик объектларни номлаш ва қайта номлаш соҳасидаги давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ҳамда самарали амалга ошириш мақсадида,

 Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

 

       1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил  16 октябрдаги “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари хақида”ги 295-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

       2. Қуйидагилар:

       Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссияси тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

       Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссиясининг (кейинги ўринларда вилоят комиссияси деб юритилади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

       3. Шаҳар ва туман ҳокимликлари уч кунлик муддатда:

       Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари хақида”ги 295-сонли қарори билан тасдиқланган “Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар тўғрисидаги Намунавий Низом” асосида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар ва туманлар комиссиялари (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб юритилади) тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

       шаҳар ва туманлар ҳокимлари бошчилик қиладиган ҳудудий комиссияларнинг шахсий таркибини тасдиқласинлар, ҳудудий комиссиялар таркибига давлат ва хўжалик бошқаруви ҳудудий органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва ходимларини, фуқаролик жамияти институтларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакилларини, шунингдек фан ва маданият арбобларини, экспертларни, мутахассисларни ҳамда тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахсларни киритсинлар.

       4. Вилоят комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ўз ваколатларига мувофиқ қуйидагиларни таъминласинлар:

       географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифларни ушбу таклифларни киритган туман, шаҳар ҳокимликларига тегишли хулосалар берган ҳолда атрофлича ўрганиш;

       географик объектларнинг тарихий-маданий мерос, Ўзбекистон халқининг маънавий-этник қадриятлари билан боғлик номларини асраш, уларни асоссиз қайта номлашнинг олдини олиш;

       географик объектларни Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар билан қайта номлашга ва уларга ном беришга йўл қўймаслик;

       географик объектларни номлаш ва қайта номлашда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, ҳизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларини истисно қилиш;

       қарорлар қабул қилишда ҳолислик ва ошкоралик, шунингдек географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш тартиб – қоидаси ва муддатларига риоя қилиш;

       географик объектларни одамларнинг исмлари билан, шунингдек тарихий воқеалар шарафига номлаш ва қайта номлаш соҳасида белгиланган чекловларга риоя қилиш;

       маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ўрганиш ҳамда ҳисобга олиш;

       бир маъмурий – ҳудудий бирлик доирасида географик объектларга бир хил номлар берилишига йўл қўймаслик;

       бериладиган номларнинг географик объектлар номларининг географик объект жойлашган жойдаги мавжуд тизимига мувофиқлигини таъминлаш;

       географик объектлар номларининг янглишишларга сабаб бўлувчи ўхшашлигини, ушбу номлар мазмунларининг Ўзбекистон халқининг тарихи, анъаналари ва маданиятига тўғри келмаслигини назарда тутган ҳолда, истисно қилиш.

       Ҳудудий комиссиялар раҳбарлари зиммасига географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари сўзсиз бажарилишининг таъминланиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

       5. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари вилоят Ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси билан биргаликда:

       2013 йил 25 декабргача “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси талабларига мувофиқ расмий картография ва маълумотнома нашрлари, статистика, архив, тарихий ва бошқа манбалар маълумотлари асосида туманлар, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар, овуллар, аҳоли пунктлари ҳамда уларнинг таркибий қисмлари номларини хатловдан ўтказиш ва мақбуллаштириш ишларини амалга оширсинлар;

       амалга оширилган ишлар якунлари бўйича вилоят комиссиясига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига белгиланган тартибда тегишли таклифлар киритсинлар.

       6.  Вилоят комиссияси 2014 йил 1 февралгача бўлган муддатда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Республика комиссиясига географик объектларни номлаш соҳасидаги ишларни тартибга солиш борасида бажарилган ишларнинг якунлари тўғрисида ахборот ва пайдо бўлаётган масалаларни ҳал этиш ҳамда қонун талабларининг ижро этилишини назорат қилишга оид тегишли умумлаштирилган таклифлар киритсин.

       7. Қуйидагилар:

       Вилоят ҳокимининг “Вилоятдаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотларга ва бошқа топонимик объектларга ном бериш ишларини тартибга солиш тўғрисида” 2004 йил 3 сентябрдаги 179-Қ-сонли қарори;

       Вилоят ҳокимининг “Топонимик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи вилоят комиссиясининг янги таркибини тасдиқлаш тўғрисида” 2010 йил 3 июндаги 148-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.      

       8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокими ўринбосари С.Самадов зиммасига юклатилсин.
       9. Мазкур қарорнинг расмий нашрда эълон қилиниши таъминлансин.

 

    Вилоят ҳокими                                                                                                                                                              Э.Турдимов

 

Навоий шаҳар              

2012 йил 23 октябрь                    

 Қ-167-сон                 

 “Дўстлик байроғи” газетаси, 2012 йил 26 октябрь, 86-сон (3224)

X
X
X
X
X
X
X
X
X
X